|
Statistik hisobotlar shakllari
shakllar.zip
1 – МБ (ВЭС) ҳисобот шаклини тўлдириш бўйича тушунтиришлар
1. "Устав фонди ва ҳамкор-мамлакат" бўлимида устав фондига қўйилган пул маблағлари, мақсадли банк қўйилмалари, пайлар, акциялар, бошқа қимматбаҳо қоғозлар, кредитлар, машина ва ускуналар, технологиялар, лицензиялар ва бошқа турдаги мулклар кўринишидаги қўйилмалар кўрсатилади ва тегишли санага мувофиқ сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида келишилган ҳолда бозор нархларида баҳоланади. Хорижий ҳамкорнинг бадаллари давлатларга бўлинган ҳолда минг АҚШ долларида кўрсатилади (агар бирор бир давлатдан бир қанча ҳамкорлар бўлса, улар қўйилмаларининг йиғиндиси шу давлатда кўрсатилади). Ўзбекистонлик ҳамкорнинг бадаллари минг сўмда кўрсатилади (бадал хорижий валютада бўлса, шу санага мувофиқ Марказий банк курси бўйича сўмда ҳисобланади). "Ҳисобот даврига" устуни устав фондининг шаклланганлигини акс эттиради. Бу устун «Устав бўйича» устунига тенг бўлиши мумкин, агар устав фонди тўлиқ шаклланган бўлса, ёки ундан кичик бўлади. 2. "Меҳнат" бўлимида ёлланма ишловчиларнинг сони ва иш ҳақи фонди, шунингдек иш ўринлари ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар келтирилади. Бу бўлим ҳисобот даврида маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқарилмаган ёки сотилмаган бўлишидан қатъий назар тўлдирилади. Бу бўлимни тўлдиришда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексидан (1995 йил 21-декабрдаги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган, 1996 йил 1-апрелдан амалга киритилган), «Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомдан (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5-февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган) ва "Касаначилик тўғрисида"ги Низомдан (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11-январдаги 4 – сонли қарори билан тасдиқланган) фойдаланиш керак бўлади. Касаначилар - булар меҳнат шартномаси асосида уй меҳнатида банд бўлган шахслар ва улар ходимлар рўйхати таркибига киритилади. 201, 202, 203-сатрдаги ходимлар сонига ўриндошлар ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишлаётган (мазкур корхона штатида турмаган) шахслар киритилмайди. Бир корхонада ички ўриндош ҳисобида расмийлаштирилган ходим рўйхатдаги ходимлар сонида бир бирлик сифатида ҳисобга олинади ва ўриндошлар сонига қўшилмайди. Рўйхатдаги ва рўйхатдан ташқари бўлган (ўриндошларни қўшган ҳолда) ходимлар иш ҳақи фондига (205 сатр бўйича) барча кўринишдаги иш ҳақлари, ҳамда мукофотлар, иш якуни бўйича мукофотларни ва бир йўла рағбатлантиришни қўшган ҳолда, шунингдек корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан бериладиган меҳнат ва ижтимоий имтиёз маблағлари, ҳисобланган пул ва натура кўринишидаги маблағлар, ходимларга конунчиликка мувофиқ ишламаган вақти учун ҳисобланган пул маблағларини қўшган ҳолдаги (ҳар йилги меҳнат таътили, давлат мажбуриятларини бажариш, донорларга тўловлар ва бошқалар) маблағлар киради. Иш хақи фондига, уларни тўлаш учун молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, тўлов хужжатларига мос ҳолда тўлаш учун ҳисобланган (солиқ ва бошқа ундирмаларни чиқармасдан) пул маблағлари киради. Чет эл валютасида ҳисобланган иш хақи, чет эл валютасини Марказий банк курси бўйича Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига қайта ҳисоблаш йўли орқали ҳисобланган суммада киритилади. Натура шаклидаги меҳнатга ҳақ тўланган ҳамда меҳнат ва ижтимоий имтиёзлари берилганда, ҳисоботларда уларни бозор нархидан келиб чиққан ҳолдаги қиймати қўшилади. Иш ўринлари дейилганда, ходимнинг ёки биргаликда ишлаб чиқариш топшириғини бажараётган бир гуруҳ ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга оширилаётган, зарур қуроллар билан жиҳозланган кенглик майдон тушунилади. Ҳисоботда фаолият кўрсатаётган, шунингдек фойдаланилмаётган ҳамда иш кучи билан таъминланган ва таъминланмаган иш ўринлари кўрсатилади. Ҳисоботда якка тартибдаги иш ўринлари сони кўрсатилади. Жамоа иш ўринлари амалдаги меҳнат ва бошқа норма ҳамда меъёрий хужжатлар асосида якка тартибга айлантирилади. Жамоа иш ўринлари деб бир нечта ишчи банд бўлган, лекин ҳар бирига якка иш майдони бириктирилмаган иш ўрни тушунилади. Мутахассис ва хизматчи иш ўринлари сони, штат жадвалидаги лавозимлар сони бўйича аниқланиши мумкин (бўш иш ўринларини қўшган ҳолда). Қуйидагилар иш ўринлари сифатида ҳисобга олинмайди: ходимлар бириктирилмаган, умумий фойдаланишдаги жиҳозлар; монтаждаги ёки монтажланган, лекин далолатномага асосан фойдаланишга топширилмаган, шунингдек қайта монтаж қилинган жиҳозлар; намойиш этиладиган жиҳозлар ва кўргазма намуналари. “Ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сонининг тақсимланиши ноябр ойи учун” бўлими ходимларни иш ҳақи миқдори бўйича тақсимлаш, иш ҳақи миқдорига қараб ходимларнинг бўлинишини тавсифловчи оралиқ қатордир. Тақсимлашга фақат ойда тўлиқ ишлаган рўйхат таркибидаги ходимлар, шунингдек ишга келмаган, аммо ҳисобот ойида барча иш кунларига қонунга мувофиқ иш ҳақи ёзилган ходимлар киритилади. Ҳисобот ойида ишга қабул қилинган ва ишдан бўшатилганлар, вақтинча меҳнатга яроқсизлиги тўғрисида варақаси бўлганлар, сабабсиз ишга келмаган ва ҳақ тўланмаган бошқа ишга чиқмаслик, кун бўйи бекор турган ва шу каби ходимлар ҳисобга олинмайди. Шунингдек, штат жадвалига мувофиқ тўлиқ бўлмаган маош (оклад) билан ишга қабул қилинганлар ҳамда тўлиқ бўлмаган иш куни ёки тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасига ишга қабул қилинганлар (ёки вақтинча ўтказилган), агарда ҳисобот ойида улар иш жадвали бўйича белгиланган иш кунлари ёки соатлари ишлаган бўлсалар ойда тўлиқ ишлаган ходимлар сонига киритилади. Ходимлар сонини тақсимлашда ҳар бир ходим иш ҳақига ҳисобот ойида иш ҳақи фонди таркибидан ёзилган пул ва натура шаклидаги жами иш ҳақи амалда тўланган ёки тўланмаганлигидан қатъи назар киритилади. Ёзилган иш ҳақидан ушлаб қолинадиган солиқлар ва шу кабилар чиқариб ташланмайди. Ходимнинг ҳисобот ойидаги иш ҳақига ой якунига ёки чорак натижаларига қараб ёзилган мукофотлар қўшилади. Иш якунларига кўра мукофотлашда, масалан, ноябр ойи учун ходимнинг иш ҳақига ноябр ойидаги ҳисоб-тўлов ҳужжатида, ноябр ойидаги иши учун ёзилган мукофотлар, ёки ўтган октябр ойи иши учун ноябр ойида ёзилган мукофотлар ҳам қўшилади. Иш ҳақига йил якуни учун мукофотлар, узоқ йиллик меҳнати учун ва шу каби йилга алоқадор тўловлар қўшилмайди, чорак мукофотлари ҳисобланиб, учдан бир миқдорда ходим иш ҳақига қўшилади. Бир корхона (ташкилот)да икки лавозим (касб)да ишловчи ходим ҳисоботда асосий ва ўриндошлик лавозимлари (касблари) бўйича иш ҳақининг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда бир марта кўрсатилади. Ёзилган ўртача иш ҳақи миқдорига кўра ходимлар сонини, яъни "Сони" устунида кўрсатилган гуруҳлар бўйича тақсимлашда мазкур республика бўйича белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига асосланиш лозим. 3. "Маҳсулот, ишлар ва хизматлар" бўлимида 301-сатрда ҳисобот даврида амалдаги нархларда (ҚҚС ва акцизсиз) маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажми кўрсатилади. 302-сатрда саноат таснифидаги хизматларни қўшган ҳолда, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми кўрсатилади. Шартномавий нархларда сотиладиган маҳсулот, шартномавий улгуржи нархларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмига қўшилади. Буюртмачи томонидан тўланмайдиган хом-ашё ва материаллардан ишлаб чиқарилган маҳсулот, ушбу хом-ашё ва материаллар қиймати қўшилмаган ҳолда кўрсатилади. Маҳсулот ишлаб чиқариш, ички айланма қийматисиз, яъни корхонанинг ўзини шахсий саноат-ишлаб чиқариш заруратлари учун ишлатиладиган маҳсулот қийматисиз аниқланади. 303-сатрни тўлдиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1999 йил 5 февралда қабул қилинган "Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида"ги 54-сонли қарор Низомига асосланилади. 304-307-сатрларни тўлдиришда 2003 йил 2 февралдаги қарор бўйича ИВнинг 4-сонли, ТИААнинг ЭГ-01/12-1745-сонли, ДБҚнинг 01-02/8-19-сонли ва МВнинг 60-сонли иловага (2003 йил 21 майда 1242-сон билан АВ томонидан рўйхатга олинган) асосланилади. Истеъмол маҳсулотига қуйидагилар киради: юқоридаги иловада мавжуд бўлмаган, лекин аҳолига ҳамда корхонанинг ўз ишчи ходимларига (корхонанинг касса ҳисобидан ўтган) шахсий истеъмол учун сотилган маҳсулотлар. Истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳисобот йилидаги улгуржи-харид нархларида белгиланади (ҚҚС ва акцизни қўшган ҳолда). Буюртмачи томонидан берилган хом-ашёдан ишлаб чиқарилган маҳсулот ишлаб чиқарилган истеъмол мақсулотлари ҳажмига тўлиқ қиймати бўйича киради, яъни буюртмачи томонидан тўланмаган, лекин истеъмол қилинган хом-ашё қиймати ҳам киради. Натура шаклида саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш кўрсаткичларини тўлдириш вақтида бўш сатрларга юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган аниқ маҳсулот турлари номи, ўлчов бирлиги давлат статистика органлари томонидан белгиланган рўйхат бўйича кўрсатилади. Аниқ турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш маълумотларига, саноат-ишлаб чиқариш заруратлари учун кетган маҳсулотларни ҳам қўшган ҳолда, буюртмачининг ўз хом-ашё ва материаллари билан бирга, тўланмайдиган хом-ашё ва материаллардан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, яъни ялпи ишлаб чиқарилган (корхонанинг сотиш учун мўлжалланган ва товар кўринишида ҳисобга олинадиган маҳсулотларининг алоҳида турларидан ташқари) маҳсулотлар киритилади. Саноат маҳсулотларининг умумий номенклатурасидан корхона илк бор ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг янги турлари ажратилади. 4. "Ишлаб чиқарилган (кўрсатилган) хизматлар" бўлимида, хизматлар деганда ишлаб чиқариш фаолиятининг фойдали натижалари, яъни истеъмолчиларнинг буюртмаси бўйича эхтиёжларини қондирувчи, лекин моддий кўринишга эга бўлмаган (моддий кўринишга эга бўлган товарлардан фарқли равишда) фаолият тушунилади. Хизматлар олди-сотди объекти сифатида қатнашиб ва ишлаб чиқарувчининг харажатларини тўлиқ ёки қисман қопласа, бундай хизматлар бозор хизматлари ҳисобланади. Экспортга етказиб берилган хизматлар (агар улар сўмда тўланмаган бўлса), хизматлар тўлови амалга оширилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган сўм курси бўйича қайта ҳисобланган шартнома нархларида ҳисобга олинади. "Хизматлар ҳажми" кўрсаткичи - хизматлар истеъмолчилари, яъни юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар учун тўловлар умумий ҳажмини, шу жумладан корхона томонидан ходимларга кўрсатилган хизматлар учун олдиндан тўлов (ёки тўлиқ тўлов)ни акс эттирувчи қиймат ҳисобланади. Хизматлар ҳисоби корхонанинг бирламчи манбаларига асосан ҳисобот даврига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 09.09.2002й 103-сонли буйруғи билан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 23.10.2002 № 1181-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счетлари режаси"). Иқтисодий фаолият турлари бўйича хизматлар ҳажмини аниқлашда кўрсатилган хизматларга ҳисобланган тўловлар ҳисобга олинади. Улгуржи ва чакана савдода, овкатланиш корхоналарини қўшган ҳолда -ялпи фойда хажми, яъни сотилган товарларнинг соф тушуми ва харид қиймати (таннархи) орасидаги фарқи хисобга олинади. Шартнома, комиссион шартнома ва топшириқнома асосида товарларни олди-сотдиси билан шуғулланадиган даллолчилик корхоналари комиссион мукофотлари суммасини ҳисобга оладилар. Суғурта хизматларининг ҳажми бевосита суғурта қилишдан тушган суғурта мукофотларига қайта суғурта қилишга олинган шартномалар бўйича суғурта мукофотларини қўшган олда ва улардан қайта суғурта қилишга берилган шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари) чиқариб ташланган ҳолдаги умумий суммаси ҳисобланади. Хизматларнинг ҳисоби амалдаги (хақиқий) сотилган нархларда амалга оширилади. А устунда статистика органлари томонидан белгиланган хизматлар рўйхати бўйича корхоналарда ишлаб чиқарилган хизматлар номи кўрсатилади, Б устунда статистика органлари томонидан "Ўзстандарт" агентлиги томонидан 2006 йил 12 май O'z DT 010:2006 05-15-сонли қарори билан тасдиқланган Фаолият турлари бўйича хизматларнинг умумдавлат таснифлагичи (ФТБХУТ) бўйича хизматлар коди қўйилади. 5. "Номолиявий активларга киритилган инвестициялар" бўлимида асосий капиталга киритилган инвестициялар, асосий воситаларни капитал таъмирлашга кетган харажатлар, номоддий ва бошқа номолиявий ташқи айланма активларга киритилган инвестициялар акс эттирилади. 501-сатр амалдаги нархларда балансда ҳисобланадиган объектларни (шу объектларни барпо қилиш вақтида тугалланмаган қурилишнинг қайта баҳолашини ҳисобга олган ҳолда) фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосидаги маълумотларни ўз ичига олади. 5-бўлим "Номолиявий активларга киритилган сармоялар"нинг бўш сатрларида ҳисобот йилида ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий соҳа объектларининг ишга туширилиши белгиланган тартибда тасдиқланган, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига асосланиб кўрсатилади. (ШНК 3.01.04-04 "қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш" -қурилиш норма ва қоидаларига асосан.) Чет эл инвестициялари ва кредитлар быйича маълумот миллий валюта ва уни эквиваленти бўлган хорижий валютада тақдим этилади. Ҳисоботни тўлдиришда чет эл валютасини миллий валютага нисбати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан муомалаларни бажариш кунида ўрнатилган курси бўйича амалга оширилади. Қурилиш ва лойиҳа-қидирув ишлари харажатлари (тўлов муддатидан қатъий назар) ҳақиқатда бажарилган (ишлаб чиқарилган) ҳажмда киритилади. Машина ва ускуналар, транспорт воситаларини харид қилишга кетган харажатлар ҳақиқатда сотиб олинган қийматда (божхона тўловлари ва йиғимлари, воситачи корхоналар хизмати, транспорт ва тайёрлаш-омбор харажатларини қўшган ҳолда) белгиланган манзилга тушгандан сўнг ва асосий воситаларни олди-сотди далолатномасига асосланиб буюртмачи (қабул қилувчи) томонидан кирим қилингандан сўнг кўрсатилади. 502 сатр = 528+503+504+505 сатрлар йииндисига тенг. 502-сатр маълумотларига 520, 521, 522, 523 ва 527 сатрлар маълумотлари киритилмайди. 528-сатрда турар жой қурилиши ва реконструкциясига кетган харажатлар кўрсатилади. Турар жой бино (уй) ларига доимий турар жой уйлари ва ётоқхоналар, болалар уйлари, мактаб қошидаги интернатлар ва мактаб-интернатлар киритилади. Турар жой бино (уй) ларига, фуқароларни истиқомат қилиш муддатидан қатъий назар вақтинчалик ёки мавсумий яшашга мўлжалланган бинолар киритиламайди. 503-сатрда бино ва иншоотлар (турар жойдан ташқари) қурилишига кетган харажатлар, шунингдек бино (иншоот)ларни ишга туширишда унинг инвентар қийматига киритилувчи қурилиш-монтаж ва унга тааллуқли капитал харажатлар (лойиҳа-қидирув ишлари, қурилишда ер участкаларини ажратиш ишлари, қурилиш рискларини мажбурий суғурталаш харажатлари ва бошқалар) акс эттирилади. 504-сатрда машиналар, транспорт воситалари, асбоб ва ускуналар, жихозларни сотиб олишга кетган харажатлар (қурилиш сметасига кирадиган ва кирмайдиган), ва шунингдек ускуналарни доимий фойдаланиладиган жойида монтаж қилиш харажатлари (ШНК 4.01.16-04 4.17, 4.18 бандларига мувофиқ "Амалдаги келишилган нархларда қурилиш нархини аниқлаш қоидаси" Иқтисодий нормативлар) кўрсатилади. 525-сатрда лизинг олувчи лизингга олинган янги мулкни (молиявий лизинг) баланс қиймати бўйича акс эттиради. Лизингга олинган янги мулк қийматига сотиб олиш, етказиб бериш, фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш бўйича лизингга олувчининг харажатлари киритилади. 505-сатрда 503 ва 504-сатрларда ҳисобга олинмаган бошқа асосий капиталга инвестициялар кўрсатилади. 505 сатрда турар жой қурилишига инвестициялар кўрсатилмайди. 506-сатрда 502-сатрдан бино ва иншоотларни тиклашда қуриш ва монтаж ишлари ва ускуналарни монтаж қилиш ишлари ажратиб кўрсатилади. 510-сатрда банк кредитлари, яъни Ызбекистон Республикаси резидент-банкларидан олинган маблалари кырсатилади. 509-сатрда хўжалик субъектларининг ўз маблағлари кўрсатилади. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар бу сатрда ўзбек таъсисчилари маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилган инвестицияларни кўрсатади. Хорижий корхоналар ушбу сатрни тўлдирмасдан, мос харажатларни 511 ва 512 сатрларга киритадилар. Шунингдек, 511 ва 512-сатрларда хорижий таъсисчилари томонидан қўйилган маблағлар, халқаро ташкилотлар, давлатлар, компаниялардан олинган техник ҳамкорлик маблағлари, грантлар кўрсатилади. 515-516 сатрларда, тўғридан-тўғри (ташкилотнинг чет эллик бошқарувчисидан олинган), банк (хорижий банклардан олинган), савдо, Ўзбекистон Республикаси Хукумати кафолати билан, лизинг компаниялари ва бошқа норезидент ташкилотлар билан лизинг шартномалари, шунингдек бошқа чет эл кредитлари акс эттирилади. 520-сатрда мулкчилик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ транспорт, монтаж ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда сотиб олиш нархидаги инвестициялар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади. Бу сатрда шунингдек молиявий лизинг ва бартер асосида бепул берилган асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектлари қиймати кўрсатилади. 526-сатрда лизинг олувчи лизингга олинган мулк қийматининг сотиб олиш, ўрнатиш, лизингга олинган объектни фойдаланишга яроқли холатга келтириш билан боғлиқ харажатларини кўрсатади. 525 ва 526-сатрларда лизинг фаолиятини амалга оширувчи Лизинг компаниялари ва юридик шахсларнинг лизинг мулки қиймати ҳисобга олинмайди. 522-сатрда Ишни бажарган ташкилот ва буюртмачи томонидан имзоланган бажарилган иш қиймати тўғрисидаги маълумотнома асосида асосий воситаларни таъмирлашга қилинган харажатлар кўрсатилади. 523-сатрда номоддий активларни кирим қилингандан ёки ҳисобга олингандан сўнг сотувчининг ҳисоб тўлови қабул қилинганлиги ёки тўланганлиги асосида номоддий активларга киритилган инвестициялар кўрсатилади. 527-сатрда ер участкалари ва бошқа номолиявий айланма маблағларига кирмайдиган активларни сотиб олиш учун қилинган харажатлар кўрсатилади. Номоддий актив ҳисобланган объектларни ҳуқуқий эгалигини сотиб олиш учун қилинган харажатлар бу сатрда кўрсатилмайди. 6. V.I бўлимда ҳар бир инвестор-мамлакатлар бўйича маълумотлар иқтисодиёт тармоқлари бўйича кўрсатилади. 1-устун "инвестор-мамлакатлар маълумотлари" 511 ва 515 сатрлар йиғиндисига тенг; худди шундай 2-устун 512 ва 516-сатрлар йиғиндисига; 3-устун 517-сатрга ва 4-устун 518-сатрга тенг. 7. "Ўбекистон Республикасига чет элдан киритилган инвестициялар" ва "Тўғридан-тўғри инвестиция киритилган корхона (ташкилот) даромадлари" бўимларида хориждан инвестицияларни оладиган барча юридик шахслар маълумотлари акс эттирилади. Барча чет эл валютасидаги (АҚШ долларидан бошқа), шунингдек Миллий валютадаги муомалалар, амалга оширилган вақтига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган курси бўйича АҚШ долларига ўгирилиб, минг АҚШ долларида, вергулдан кейин бир хонали рақам билан кўрсатилади. "Ўзбекистон Республикасига чет элдан киритилган инвестициялар" бўлим. 1 устунда корхона томонидан жамғарилган инвестициялар, яъни шартнома ва таъсис этувчи ҳужжатларига асосан уларнинг корхонага киритилиш даври бошидан бажарилган (олинган) умумий инвестиция ҳажми (уларни ўтган йилларда узилганини (чиқиб кетганини) ҳисобга олган холда) кўрсатилади. Йил бошига маълумотлар ўтган йилдаги актив ва мажбуриятларни қайта баҳоланиши ва бошқа ўзгаришларни ҳисобга олган холда кўрсатилади. 2 устунда ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикасига хориждан киритилган инвестициялар ҳажми ва инвестицион даромадлар акс эттирилади. 3 устунда ҳисобот йилида чиқарилган (чиқиб кетган) инвестициялар (кредитор қарзларни узилиши, миллий акцияларни норезидентлар томонидан резидентларга сотилиши, корхона тугатилиши муносабати билан инвестициларни чиқиб кетиши) кўрсатилади. 4 устунда активлар ва мажбуриятларнинг қайта баҳоланиши ва бошқа ўзгаришлари (инвестицияларнинг кўпайиши (+), камайиши (-)) кўрсатилади. Бу ерда активлар ва мажбуриятларнинг 2 ва 3 устунларда ўз аксини топмаган ўзгаришлари кўрсатилади. Бу ўзгаришлар қуйидагиларни ўз ичига олади: инвестициялар таркибини қайта кўриб чиқилиши натижасида келиб чиққан ўзгаришларни (масалан, инвесторнинг компания капиталидаги улуши 10% дан ошиб, қўйилма портфел инвестициядан тўғридан-тўғри инвестицияга ўтиши); қайта баҳоланиши натижасида вужудга келган курс фарқи; кредитор томонидан ноумид қарздорликни зарарга киритиб, ҳисобдан чиқариши; корхонанинг ноайланма активлари қийматини қайта бахоланишида вужудга келган қўшимча капитали; бозор нархларини ўзгариши муносабати билан акцияларни қайта баҳоланиши. 610 сатрда хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми акс эттирилади. 620 сатр бўйича тўғридан-тўғри инвестициялар кўрсатилади (тўғридан-тўғри инвесторлар томонидан қилинган инвестициялар, яъни корхонага тўлиқ эга бўлган ёки корхонанинг 10% дан кам бўлмаган акциясини ёки устав (бошланғич) капиталини назорат қилиши орқали корхонани бошқаришида қатнашиш ҳуқуқига эга юридик ва жисмоний шахслар). Бўш сатрларда киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар уларни кириб келган мамлакатлари бўйича тақсимланади. 620 сатрдан 621 сатр –акционер капитал; бу ерда корхонанинг чет эл шериклари томонидан амалда қўшган устав ва қўшимча капитали, резерв фонди ва корхонанинг бошқа турдаги ўз маблағлари йиғиндиси шаклида аниқланган капиталнинг қисми кўрсатилади; корхонанинг устав капиталининг 10% дан кам бўлмаган акция ва пай (бадал) ларини сотиш; реинвестиция қилинган даромад кўрсатилади. 630 сатрда портфел инвестициялар кўрсатилади - корхона бошқаришида қатнашиш ҳуқуқини бермайдиган устав капиталидаги улуши 10% дан кам бўлган акция ва пайларни шунингдек облигация, вексель ва бошқа миллий қимматли қоғозларни сотилиши (сотиб олиниши). Бўш сатрларда портфель инвестициялари кириб келган мамлакатлар бўйича тақсимланади. 630 сатрдан 631 сатр – акция ва пайлар ажратиб кўрсатилади, эмитент қатнашувисиз иккиламчи бозорда сотиб олинган ёки сотилган акцияларни қўшган ҳолда. Агар иккиламчи бозорда корхона акциялари норезидентлар томонидан резидентлардан сотиб олинса (буни корхона ўз акционер реестридан билиб олади), бунда ҳисоботда Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритилишида (2 устунда) кўрсатилади. Мос равишда, норезидентлар томонидан резидентларга иккиламчи бозорда корхона акцияларини сотилиши ҳисоботда Ўзбекистон Республикасидан инвестицияларни чиқиб кетиши (3 устунда) каби кўрсатилади. 640 сатрда тўғридан-тўғри ва портфел инвестициялар таърифига мос бўлмаган инвестициялар бошқа инвестициялар сифатида акс эттирилади. 640 сатр маълумотлари инвестициялар кириб келган мамлакатлари бўйича тақсимланади. 640 сатрдан 641 сатр – кафолатланмаган кредитлар ажратиб кўрсатилади. Бу ерда тўғридан-тўғри бўлмаган инвесторлардан олинган кредитлар (савдо кредитларидан ташқари) кўрсатилади. 650 сатрда олинган техник ёрдам, қайтарилмайдиган молиявий ёрдам, халқаро ва хорижий ташкилотлар грантлари кўрсатилади. “Тўғридан - тўғри инвестиция киритилган корхона (ташкилот) даромадлари” бўлимида тўғридан - тўғри инвестиция киритилган корхона (ташкилот) даромадлари хақида маълумотлар келтирилади. 760 сатрда тўғридан тўғри инвестиция киритилган корхона (ташкилот)нинг жами фойдаси (зарари) – жорий йил якуний молиявий натижаси кўрсатилади. Агар корхона жорий йилда зарар кўрган бўлса, ушбу сатрда зарар қиймати минус ишораси билан кўрсатилади. 761 сатрда хорижий инвесторни фойдаси (зарари) кўрсатилади. 100 фоиз хорижий капиталга эга корхоналар учун ушбу сатр маълумоти 760 сатр маълумотига тенг бўлади. Бошқа ҳамма тўғридан тўғри инвестиция киритилган корхоналар йил охирига норезидентларни тўланган устав капиталидаги улушидан келиб чиқиб, ушбу сатр маълумотини хисоблайдилар. 8. "Автомобиль транспорти, йил охирига" бўлимида ҳисобот даври охирига автомобилнинг техник ҳолатидан ва турар жойидан (таъмирлашда, командировкада, консервацияда, ижарада ва щ.к бўлишидан) қатъий назар корхонанинг балансида (1 устун) ёки ижарада (2 ва 3 устунлар) бўлган барча турдаги, маркадаги ва моделдаги автомобиллар ҳисобга олинади. Ҳалқаро қатновларга йўналиш масофасидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасида рўйҳатга олинган автотранспорт воситаларида давлат чегарасидан ташқарида (Хитой-Россия) ёки (Ўзбекистон-Эрон ва ҳакозо) амалга оширилган ташишлар киради. 8011, 8021, 8031 сатрларда 801, 802, 803 сатрдан ҳалқаро юк ташишда иштирок этаётган автомобиллар билан боғлиқ кўрсаткичлар ажратиб кўрсатилади. Автомобилларнинг умумий юк кўтариш қобилияти (юк автомобиллари, пикап ва енгил фургонлар, прицеп ва ярим прицеплар) рўйхатдаги ҳар бир маркадаги автомобил сонини, уларни тайёрлаган заводнинг паспорти бўйича номинал юк кўтариш қобилияти кўпайтмасининг йиғиндисига тенг (802 сатр). Юк автомобилларини босиб ўтган йўли (803 сатр) ҳисобот даврида ташкилотнинг транспорт ҳужжатларида акс эттирилган спидометр кўрсаткичлари бўйича аниқланадиган барча автомобилларнинг юк билан, юксиз ва ноллик босиб ўтган йўлини жамлаш орқали аниқланади. Автобус, йўналишли таксиларни (806 сатр) ва енгил автомобилларни (810 сатр) қўшган ҳолда умумий йўловчи сиғими (ўриндиқлар сони бўйича) ҳар бир маркадаги автобуслар сонини уларнинг ўриндиқлар бўйича сиғимига кўпайтиришдан ҳосил бўлган кўпайтмани жамлаш орқали аниқланади. Автобус, йўналишли таксиларни (807 сатр) ва енгил автомобилларни (811 сатр) қўшган ҳолда босиб ўтган йўли йўл варақаларида акс эттирилган спидометр кўрсаткичлари бўйича аниқланадиган ҳисобот даврида линияда ишлаган барча автомобилларнинг ҳар кунлик босиб ўтган йўлини жамлаш орқали аниқланади. Юк ташишдан (804 сатр), автобус йўловчиларидан, йўналишли таксиларни (808 сатр) ва енгил автомобилларни (812 сатр) қўшган ҳолда тушган тушум ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлардан ҳисобланган тушум йиғиндисини жамлаш орқали аниқланади. Енгил автомобилда ташилган йўловчилар тушумига олдиндан телефон орқали қабул қилинган таксомотор буюртмаларидан, алоқа органлари томонидан почта ва даврий нашрларни нақд пулсиз ҳисобларидан, буюртмачиларга хизмат кўрсатишда фойдаланилган енгил автомобиллардан тушган тушумлар ҳам киритилади. Юк ва йўловчиларни ташишдан тушган тушумга ортиш-тушуриш ишларидан, экспедиторлик ва тижорат операцияларидан, омборхоналарда фойдаланишдан, ташишга алоқадор бўлган бошқа иш ва хизматлардан, ташқи корхоналар, ташкилотлар ва жисмоний шахсларга ҳаракат воситаларини ижарага беришидан тушган пул тушумлари киритилмайди. 9. "Алоқа" бўлими компютер техникасига эга бўлган барча кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари (904, 905 сатрларда), махсус алоқа корхоналари томонидан тўлдирилади. 9044 сатрда (904 сатрдан) жами компьютерлар сонидан ташкилотнинг локал ҳисоблаш тармоғи (ЛҲТ)га уланган компьютерлар сони кўрсатилади. Локал ҳисоблаш тармоғи (ЛҲТ) – бир ёки бир нечта бинолар доирасида умумфойдаланувдаги алоқа воситаларидан фойдаланилмаган ҳолда, рақамли маълумотларни узатишда бир ёки ундан ортиқ юқори тезликдаги автоном каналлар воситасида боғланиб турувчи компьютерлар ва ташқи жиҳозлар гуруҳи тармоғидир. Бир ЭҲМнинг бошқа фойдаланувдаги қурилма ёки ташқи жиҳозга боғланиб туриши локал тармоқ ҳисобланмайди. 9045 сатрда (904 сатрдан) корпоратив тармоққа уланган компьютерлар сони кўрсатилади. Корпоратив тармоқ - бу жойлашган тармоғи ва боғланиш туридан қатъи назар корпоратив маълумотлар базаси (сервери)дан фойдаланиш ҳуқуқи берилган барча турдаги компьютерларнинг жамланма тизимидир. Корпоратив тармоқ ташкилотнинг мулки ҳисобланади ва корпорация филиалларини бирлаштиради. 901 сатрдан 907 сатргача бўлган маълумотлар ҳисобот даври охирида кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича тўлдирилади. Амалда натура кўринишида кўрсатилган алоқа хизматлари ҳажмини аниқлаш учун бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатлари асос бўлади. 907 сатрда кўрсатилган алоқа хизматидан ҳисобланган тушум акс эттирилади. 10. "Савдо" бўлимида улгуржи ва чакана савдо корхоналарнинг республикада сотилган товарларнинг қиймати келтирилади, экспортни қўшмаган холда. Улгуржи товар айланмаси товарларни сотишдан тушган тушумдан иборат бўлиб, четдан сотиб олиниб, профессионал фойдаланиш (кейинчалик қайта ишлов бериш ёки сотиш) мақсадини кўзлаган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қайта сотиш тушунилади. Улгуржи товар айланмаси фақат тузилган шартнома асосида нақд пулсиз ҳисобда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахслар томонидан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотилиши, улгуржи товар айланмаси ҳажмига киритилмайди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари товар айланмаси ҳақидаги маълумотлар 1002 ва 1003 сатрларда кўрсатилади (шунга кўра улгуржи савдода, чакана савдода ва овқатланиш корхоналарида ҳам). Чакана товар айланмаси - тижорат ва бошқа ишлаб чиқариш мақсадларида ишлатилмайдиган, аҳолини сўнги истеъмоли учун нақд пулга сотилган товарлар қийматини кўрсатади. Чакана товар айланмаси савдо корхоналари товар айланмасига (1001 сатрнинг 5 устунида кўрсатилади) ва овқатланиш корхоналари товар айланмасига (1001 сатрнинг 8 устунида) бўлинади. Чакана товар айланмаси тўғрисидаги маълумотни асосий фаолият тури чакана савдо бўлган ҳамда чакана савдо бўлмаган корхона ва ташкилотлар тақдим этадилар. Чакана товар айланмасига, аҳолига нақд пулга сотилган товарлардан ташқари, аҳолига нақд пулсиз (1005 сатр), пластик карточкалари бўйича (1006 сатр), кредитга (1007 сатр), буюртма бўйича почта орқали (1008 сатр), компьютер тармоқлари орқали (электрон савдо, Интернет орқали сотилган товарлар хажмини киритилган ҳолда) (1009 сатр) сотилган товарлар киритилади. Овқатланиш корхоналари товар айланмасига - тайёрланган кулинар маҳсулотлар ва сотиб олинган аммо кулинар қайта ишланмаган товарларнинг аҳолига сотилган хажми киритилади. Яримфабрикатларни, кулинар ва бошқа маҳсулотларни савдо корхоналарига кейинчалик қайта сотиш мақсадида улгуржи сотиш; буюртмачининг хом-ашёси қиймати, концерт дастурларини намойиш этишдан тушган тушум, бильярд, рақсга тушиш саҳнаси, видео салон, уйин автоматлари ҳамда ресторан ва барга кириш учун тўловлар овқатланиш корхоналари товар айланмасига киритилмайди. Овқатланиш корхоналари улгуржи ва чакана савдо айланмаси амалдаги нархларда, савдо устамалари, қўшимча қиймат солиғи ва бошқа тўловларни қўшган ҳолда, кўрсатилади. Ушбу бўлимнинг бўш сатрларида А устунида товарлар номи, Б устунда эса сатр хос рақами кўрсатилади. 1,4,7 устунларда сотилган товарларнинг натура кўринишдаги ҳажми келтирилади, 2,5,8 устунларда сотилган товарларнинг пулдаги қиймати, 3,6,9 устунларда товар қолдиқларини пулдаги қиймати кўрсатилади (мос равишда улгуржи савдода, чакана савдода ва овқатланиш корхоналарида). 1020-1027 сатрларда чакана ва улгуржи савдо тармоқлари бўйича маълумотлар тўлдирилади. Ушбу бўлимда дўконлар, уй дўкончалар, пештахталар, павильонлар, ошхоналар, ресторанлар, кафелар, таомхоналар, барлар, буфетлар ва ш.к. савдо объектлари деб номланади. 1 устунда 1 январ ҳолатига фаолият кўрсатаётган, корхона балансида турган (ижарага берилганидан ташқари), ижарага олинганини қўшган ҳолда, улгуржи савдо омборхоналари ва музлатгичлари умумий сони хамда чакана савдо объектлари мулчилик шакли, сотув ҳажми, эгаллаб турган иншоотидан қатъий назар кўрсатилади, улардан озиқ-овқат дўконлари (1023 сатр) ва ноозиқ-овқат дўконлари (1024 сатр) хамда палаткалар (дўкончалар, киоскалар (1026 сатр) ажратилади. 1022 сатр кўрсатгичи 1023,1024 ва 1026 сатрлар йиғиндисидан кўп ёки тенг бўлиши керак. Дўконлар ихтисоси асосий савдо профили бўйича аниқланади. Дўконларга- алоҳида иншоотни ёки бинони эгаллаб турган ва харидорлар учун савдо залига эга чакана савдо объектлари киритилади, палаткалар (дўкончалар, киоскалар)га эса - алоҳида иншоотни ёки бинони эгаллаб турган, аммо харидорлар учун савдо залига эга бўлмаган объектлар киритилади. Омборхона майдони - товарларни қабул қилиш, сақлаш, қадоқлаш, сортларга ажратиш, сотишдан олдин тайёрлаш, комплектация қилиш ва товарларни жўнатиш хоналарининг майдонидан ташкил топади. "Омборхона ҳажми" кўрсаткичини куб. метрларда ҳисоблаш учун, омборхона майдонини полдан то шип конструкциясигача бўлган баландлигига кўпайтирилади. Агар омборхона бир неча бинодан иборат бўлса, ва уларнинг баландлиги ҳар хил бўлса, унда ҳар бир бино ҳажми алоҳида ҳисобланади ва натижалари қўшилади. Барча дўконларнинг савдо майдони - товарларни сотиш майдонлари хамда савдо залида жойлаштирилган раста, стеллаж ва бошқа жихозлар (ижарага берилганидан ташқари) каби ҳаридорларга қўшимча хизмат кўрсатиш майдонларининг йиғиндисидан иборат. Савдо дўконларининг майдонига товарларни қабул қилиш, сақлаш, товарларни сотишга тайерлаш жойлари, ёрдамчи, техник ва бошқариш хоналари (жойлари) киритилмайди. Савдо майдонлари фақатгина дўконлар бўйича кўрсатилади. Палаткалар ва киоскалар бўйича савдо майдони кўрсатилмайди. Овқатланиш корхоналари тармоқларига алоҳида бинода жойлашган, овқатланиш учун столлар ва стуллар билан жихозланган залга хамда зарурий ишлаб-чиқариш ва маиший хизмат жойига эга савдо объектлари киради. Овҳатланиш корхоналари тармоқларига қуйидагилар киритилмайди: ўқувчиларни овқатлантириш учун вақтинча мослаштирилган мактаблардаги жойлар, яъни мажлислар зали, спортзаллар ва шу кабилар; яримфабрикатлар, кулинар ва кондитер маҳсулотларини сотиш бўйича дўконлар, гарчи улар овқатланиш корхоналари томонидан ташкил этилиб, уларга буйсунса ҳам. Овқатланиш корхоналари бўйича хақиқий ўтирадиган ўринлар сони, яъни овқатланиш корхонаси бир вақтнинг ўзида неча кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланганлиги (лойихадаги уринлар олинмайди) кўрсатилади. 11."Ахолига кўрсатилган пуллик хизматлар" бўлимида бевосита аҳолига кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми амалдаги нархларда кўрсатилади (1101 сатр). Ушбу бўлимнинг бўш сатрлари бўйича А устунида хизматлар номи, Б устунда эса сатр хос рақами кўрсатилади. Маиший хизматлар учун 1102 сатрда умумий ҳамда хизмат турлари бўйича хизматлар ҳажми кўрсаткичидан ташқари 1 январ ҳолатига фаолият юритаётган ательелар, цехлар, устахоналарнинг (бирлик) умумий сони, шу жумладан кишлок жойида жойлашганлари хақидаги маълумот кўрсатилади. Фаолият кўрсатаётган маиший хизмат кўрсатиш объекти деб ҳисобот даврида амалда аҳолига хизмат кўрсатаетган, ҳамда таъмирлаш даврида, инвентаризация, санитария ишлов бериш ёки бошқа сабабларга кўра вақтинча ишламаётган, алоҳида фаолият кўрсатаётганлигидан ёки саноат, қурилиш, транспорт ва х.к. корхоналар таркибида бўлишидан қатъий назар объектлар тушунилади. Кўп тармоқли маиший хизмат кўрсатиш уйида жойлашган хар бир ателье, цех, устахоналар бир бинода жойлашган, лекин турли хизмат кўрсатувчи объект сифатида алоҳида ҳисобга олинади. Доимий равишда жойларда маиший хизматнинг қандайдир турини кўрсатадиган ҳудудий ажралган шаҳобчалар хам ательелар (цехлар, устахоналар) гуруҳига киритилиши лозим (мисол учун пойафзал ва кийим таъмирлаш устахоналари). Бир неча маиший хизмат тури билан шуғулланадиган ательелар (цехлар, устахоналар) ҳисоботда қайси бир хизмат тури ҳажми кўпроқ бўлса ўша ательелар қаторида бир марта кўрсатилади. Шу тартибда кўчиб юрадиган устахоналар ҳисоби ҳам юритилади. қишлоқ жойида жойлашган ательелар (цехлар,устахоналар), қайси корхона таркибида турганлигидан қатъий назар (шаҳар ёки қишлоқ) ўша қишлоқ бирлик сонига киритилади. 12. "Қурилиш" бўлимида қурилиш пудрат шартномалари бўйича ўз кучи билан бажарилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш ишлари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар келтирилади. 1201-1206 сатрларни барча умумқурилиш ва ихтисослаштирилган ташкилотлар, жумладан: таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари, механизация бошқармалари, ишга тушириш ва созлаш ташкилотлари, бурғулаш, чуқур қидирув бурғулаш ҳамда нефт ва газ қидирув қудуқлари қурилишлари билан боғлиқ бошқа ишлар, шунингдек капитал маблағ ҳисобидан қурилаётган нефт, газ ва термал сувларнинг фойдаланилувчи қудуқларини қуриш ишлари билан шуғулланувчи бурғулаш ташкилотлари, кўп ихтисосли корхона ва ташкилотлар, қурилиш пудрат шартномалари бўйича ишловчи ноқурилиш ташкилотлари тўлдирадилар. Шоссе хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари 1201-1206 сатрларда автомобил йўллари, йўл ўтказгичлар, автомобил кўприклари, туннеллар янги қурилиши, реконструкцияси, капитал ва жорий таъмирланиши бўйича ўз кучи билан бажарилган пудрат ишлари ҳажмини кўрсатади. Автомобил йўллари холатини сақлаб туриш ва жорий ремонти бўйича ишлар ҳажми шоссе хўжалигига тегишли бўлиб, 1201-1206 сатрларга киритилмайди. 1201-сатрда бош, бевосита ва субпудрат шартномалари бўйича пудрат ташкилотининг ўз кучи билан янги қурилиш, реконструкция, кенгайтириш ва техник қайта қуроллантириш бўйича бажарган ишларининг қийматини қўшилган қиймат солиғисиз амалдаги баҳоларда "Фойдаланишга тайёр ҳолда топшириладиган" объект қурилишини қўшган ҳолда кўрсатади. 1201 сатр 1202, 1203, 1205 сатрлар йиғиндисига тенг ёки катта (бошқа пудрат ишларига) бўлиши керак. 1203-сатрда капитал таъмирлаш бўйича жами ишлар: аҳоли буюртмаси асосида нотурар бино ва иншоотлар, турар-жой(хонадон) ва бошқа қурилмалар капитал таъмири кўрсатилади. 1205-сатрда пудрат ташкилотининг тузилган шартномаларига мувофиқ ўз кучи билан биноларни, иншоотларни ҳамда аҳоли буюртмаси бўйича хонадонларни жорий таъмирлаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. 1201 ва 1206-сатрларда объектларни қуриш жараёнида бажарилган иш ҳажмини ускуналарни сотиб олиш ҳамда бошқа капитал харажатларисиз кўрсатилади. 1207-сатрни мулкчилик шаклидан қатъий назар, буюртмачи ва пудратчи шартномаси бўйича капитал қурилиш учун муҳандис қидирув ва лойиҳалаштиришни амалга оширувчи - юридик шахслар, шу жумладан ўз балансига эга бўлган комплекс ташкилотларнинг лойиҳалаш бўлимлари тўлдирадилар. Бу сатр бўйича ҳисобот йилида белгиланган тартибда ўз кучи билан тугалланган ва қабул қилинган хизматлар баҳоси кўрсатилади. 13. “Инновацион товарлар, ишлар, хизматлар хажми; ҳисобот йилида технологик инновацияларга харажатлар”, “Инновацион фаоллик” бўлимлари Инновация – бу қандайдир янги ёки сезиларли даражада яхшиланган махсулот (товар, хизмат) ёки жараённи, маркетингнинг янги услубини, иш амалиётида, иш жойларини ташкил қилишда ёки ташқи алоқаларда янги ташкилий услубни истеъмолга киритишдир. Инновациянинг минимал аломати махсулот, жараён, маркетинг ёки ташкилий услуб, у мазкур фирмада яратилган ёки ўзлаштирилганлигидан қатъи назар, мазкур ташкилотнинг амалиёти учун янги (ёки сезиларли даражада яхшиланган) бўлиши зарурлигидир. Инновацион фаолият хақиқатдан инновацияни амалга оширишга олиб келадиган ёки шу мақсад билан кўзлаб қилинган барча илмий, технологик, ташкилий, молиявий, тижорат, маркетинг харакатлардир. Инновацион фаолият шунингдек қандайдир аниқ инновацияни тайёрлаш билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган тадқиқотлар ва ишланмаларни ўз ичига олади. Инновацияни амалга оширган ўрганилаётган фирма уни ўз ҳудудига рақобатчилардан (халқаро фирмаларни хам қўшган холда) аввал чиқарса, инновациялар бозор учун янги ҳисобланади. Агар қайсидир махсулот, жараён, маркетинг ёки ташкилий услублар бошқа фирмаларда ишлатилаётган бўлиб, лекин мазкур фирма учун янгилик (ёки махсулот ёки ишлаб чиқариш жараёни сезиларли даражада яхшиланган) бўлса, инновациялар фирма учун янги ҳисобланади. “Охирги уч йил мобайнида такомиллаштирилганлари” - бу охирги уч йилда ташкилотда мавжуд бўлган тугалланган инновациялар, яъни бозорда жорий этилган янги ёки технологик жиҳатдан сезиларли ўзгартирилган ёки такомиллаштирилган махсулотлар, хизматлар ёки уларни ишлаб чиқариш (кўрсатиш) услублари; шунингдек амалиётга жорий этилган янги ёки сезиларли такомиллаштирилган ишлаб чиқариш жараёнлари, янги ёки сезиларли даражада яхшиланган маркетинг усуллари, ташкилий ва бошқарув ўзгаришлари. Технологик инновациялар – бу янги махсулот ва жараёнларни ишлаб чиқариш ва жорий этиш, шунингдек махсулот ва жараёнларни сезиларли такомиллаштириш; технологик жиҳатдан янги ёки сезиларли такомиллаштирилган хизматлар, янги ёки сезиларли такомиллаштирилган хизматларни ишлаб чиқариш (кўрсатиш) усулларини ишлаб чиқариш ва жорий этиш. Технологик инновацияларга махсулот инновациялари ва жараён инновациялари киради. Махсулот инновацияси - бу янги ёки сезиларли даражада яхшиланган товар ва хизматларни жорий этишдир. Масалан, техника хусусиятлари, компонент ва материаллари, ичига ўрнатилган дастурий таъминоти, фойдаланувчи учун қулайлиги ёки бошқа функционал хусусиятлари. Масалан, товарлар бўйича: бошланғич материалларни хусусиятлари яхшиланган материаллар билан алмаштириш; транспорт воситаларидаги позициялаш глобал тизимини қабул қилиш мосламалари (GPS); мобил телефонлардаги фотокамералар; кийимлардаги илгаклар тизими; фойдаланишни қулайлаштирувчи дастурий таъминот ўрнатилган маиший асбоблар; шахсий молиявий операцияларни шакллантирувчи ва кузатувчи, фирибгарликдан ҳимоя қилиш учун дастурий таъминот; кўчма компьютерларни тармоққа улаш учун ўрнатилган симсиз мосламалар; янги функционал хусусиятли озиқ-овқат махсулотлари (қондаги холестерин миқдорини пасайтирувчи маргарин, янги турдаги бактериялардан фойдаланиб ишлаб чиқарилган йогуртлар ва ҳ.к.); энергия истеъмол қилиши сезиларли пасайтирилган буюмлар (энергияни сақловчи совутгичлар ва ҳ.к.); атроф муҳитни ҳимоя қилиш стандартларига мос келишни таъминлаш учун махсулотни сезиларли ўзгартириш; программалаштириладиган иситгич ёки термостатлар; Интернет-телефонлар; таъсири сезиларли даражада яхшиланган янги дори-дармон воситалари ва ҳ.к. Хизматлар бўйича: истеъмолчилар учун товар ёки хизматларга йўл очиб беришни сезиларли яхшиловчи хизматнинг янги турлари, масалан автомобилларни ижарага бериш хизматига қўшимча равишда мижозни уйидан керакли жойга етказиш; Интернет орқали DVD-дискларга обуна қилиш хизмати, буюртма бўйича видео; банк операциялари ёки ҳисоблар бўйича тўловларни амалга ошириш каби Интернет-хизматлар; кафолатларнинг янги турлари, масалан янги ёки ишлатилаётган товарларнинг кафолат муддатини чўзиб бериш ёки кафолат беришни бошқа яъни кредит карточкалари, банк ҳисоблари ёки мижознинг лояллик карточкаси каби хизматлар билан бирлаштириш; қарзнинг янги турлари – масалан, белгиланган энг юқори ставкали ўзгарувчан қарзлар; товарлар тўғрисида маълумот бериш ва мижозларга ёрдам кўрсатишнинг хар-хил турлари каби истеъмолчиларга янги бепул хизматлар таклиф қилиш учун Интернет тармоғида сайтлар яратиш; смарт-карталар ва кўп мақсадли пластик карточкаларни жорий этиш; ўзига-ўзи хизмат кўрсатувчи янги банк офиси; мижозларга етказиб берилган товарларнинг таркиби буюрмадагига мос келишини текшириш имконини берувчи янги “таъминотни назорат қилиш тизими”ни таклиф қилиш; Махсулот инновациясига қуйидагилар кирмайди: кичик ўзгариш ёки яхшилашлар; сезиларсиз модернизациялар; мунтазам мавсумий ўзгаришлар (кийим ассортименти каби); бошқа мижозлар учун ишлаб чиқарилган махсулотдан катта фарқ қилмайдиган алохида мижоз талабига мослаштириш; товар ёки хизматнинг ишлаши ёки техник хусусиятларини ўзгартирмайдиган дизайндаги ўзгаришлар; бошқа корхоналардан сотиб олинган янги товар ва хизматларни қайта сотиш. Жараён инновацияси – янги ёки сезиларли даражада яхшиланган ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш услубини, техник жараёнлар, ускуналар ва/ёки дастурий таъминотдаги сезиларли ўзгаришларни жорий этишдир. Масалан, ишлаб чиқариш бўйича: ишлаб чиқариш жараёнини реал вақт тартибида йўлга қўйиш учун автоматлаштириш тизими ёки датчиклар киритиш; янги ёки яхшиланган махсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган янги ускуналар; лазерли кесувчи асбоблар; автоматлаштирилган қадоқлаш; компьютер ёрдамида махсулотни лойихалаш; босиб чиқариш жараёнини рақамли асосга ўтказиш; ишлаб чиқариш сифатини назорат қилиш учун компьютерлаштирилган ускуналар; ишлаб чиқариш мониторинги учун яхшиланган назорат-ўлчаш асбоблари. Етказиб бериш ва турли операциялар бўйича: товарларнинг ҳисобини ва инвентар рўйхатларни юритиш учун портатив сканерлар ёки компьютерлар; етказиш занжири бўйича материалларнинг кўчиб юришини кузатиш учун штрихли кодлар ёки пассив радиотўлқин идентификациялаш чипларини (RFID) жорий этиш; GPS тизимидан фойдаланиб транспорт воситаларининг бир жойдан бошқа жойга бориб-келишини кузатиш тизими; етказиб бериш маршрутларини тўғри танлаш учун дастурий таъминотни жорий этиш; сотиб олиш, бухгалтерия ҳисоби ёки техник хизмат кўрсатиш тизимлари учун янги ёки такомиллаштирилган дастурий таъминот ёки стандарт тадбирлар; клиринг ҳисоб-китоблари электрон тизимини жорий этиш; овозли буйруққа жавоб берувчи автоматик тизимни жорий этиш; белги қўювчи электрон тизимни жорий этиш; таъминот оқимини оптималлаштириш учун янги дастурий воситалар; янги ёки сезиларли такомиллаштирилган компьютер тармоқлари ва ҳ.к. Жараён инновацияларига қуйидагилар кирмайди: кичик ўзгариш ёки яхшилашлар; ишлаб чиқариш ёки логистика тизимига, фойдаланиб келинаетганган жуда ўхшаш бирор нарсани қўшиш ҳисобига ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишнинг имкониятларини озгина ошириш. Маркетинг инновацияси – бу фирма томонидан маркетингнинг янги услубини жорий этиш (махсулотни дизайни ва қадоқлаш, уни жойлаштириш, нарх белгилаш, бозорга чиқариш) агарда у фирма томонидан биринчи марта ишлатилаётган бўлса. Масалан, дизайн ва қадоқлаш бўйича: янгича кўриниш бериш ва кўркамлигини ошириш учун мебел дизайнига озгина ўзгартириш киритиш; махсулотга оригинал кўриниш бериш мақсадида косметик лосьон учун идишнинг янги дизайнини жорий этиш. Жойлаштириш (сотиш каналлари) бўйича: лицензия олгандан кейинги махсулотнинг биринчи тақдимоти; тўғридан-тўғри сотиш ёки эксклюзив чакана савдонинг бошланиши; махсулотлар тақдимотининг янги концепциясини амалга ошириш. Нарх белгилаш бўйича: мижозларга фирманинг Интернет-сайтида зарур хусусиятлари бўйича махсулот танлаш, кейин танланган махсулотнинг нархини билиб олиш имконини берувчи янги услубни жорий этиш; товар ёки хизматнинг нархини уларга бўлган эҳтиёжга асосан белгилаш усулидан биринчи марта фойдаланиш; магазиннинг кредит ёки рағбатлантирувчи карточкалари эгаларигина фойдалана оладиган товарларни таклиф қилишнинг ички тартибидан биринчи марта фойдаланиш. Бозорга чиқариш бўйича: сотув маркаларидан биринчи марта фойдаланиш; махсулотни биринчи бор видеоролик ёки телевизион дастурларда намойиш қилиш; янги бозорда махсулотнинг ўрнини белгилаш учун бутунлай янги фирма белгисини жорий этиш; модаларни расм қилувчи жамоат фикри йўлбошчилари, машҳур одамлар ёки жамоат гуруҳлари орқали махсулотнинг оммалаштириш усулини биринчи бор қўллаш ва ҳ.к. Маркетинг инновацияларига қуйидагилар кирмайди: мазкур корхонада аввал фойдаланилган усулларга асосланган махсулот дизайнида, қадоқлашда, жойлаштиришда, нархини белгилашдаги ўзгаришлар; маркетинг воситаларининг мавсумий, доимий ва бошқа ўзгаришлари; географик жиҳатдан янги бозорни ёки бозорнинг янги сегментини (масалан, мижозларнинг янги ижтимоий-демографик гуруҳини) ўзлаштириш учун маркетингнинг аввал фойдаланилган услубларидан фойдаланиш. Ташкилий инновация – бу фирманинг иш амалиётига янги ташкилий услубни жорий этиш. Ташкилий инновацияларга фирма биринчи марта фойдаланаётган иш амалиётини ташкил қилиш, иш жойлари ёки ташқи алоқаларни ташкил қилиш кириши мумкин. Масалан, иш амалиёти бўйича: энг яхши харакат усуллари, ўқув материаллари ва уларни янада хаммабоп қиладиган бошқа маълумотларни ўз ичига олган янги маълумотлар базасини ташкил қилиш; фирма фаолияти интеграл мониторинги тизимини биринчи бор жорий этиш (ишлаб чиқариш, молия, стратегия, маркетинг); таъминот занжирини, бизнесни қайта ташкил қилишни, ишлаб чиқаришни қисқартиришни бошқариш тизимини ёки сифатни бошқариш каби умумий ишлаб чиқариш ёки таъминлаш операцияларини бошқариш тизимини биринчи бор жорий этиш; ходимларни бирлаштирувчи самарали ва функционал коллективлар ташкил этиш учун ўқув дастурларини биринчи бор жорий этиш. Иш жойларини ташкил этиш бўйича: фирма ходимларининг иш масъулиятини тақсимлашда децентрализацияни биринчи бор амалга ошириш; билим олиш учун йўл очиб бериш ва турли бўлинмалар ходимлари ўртасида билим алмашишни осонлаштириш учун формал ёки ноформал ишчи гуруҳларини биринчи бор тузиш. Ташқи алоқалар бўйича: таъминловчи ва субпудратчилар учун сифат назорати стандартларини биринчи бор жорий этиш; тадқиқот ёки ишлаб чиқаришда аутсорсингдан биринчи бор фойдаланиш; университетлар ёки бошқа тадқиқот ташкилотлари билан илмий-техника хамкорлигига биринчи бор аъзо бўлиш ва ҳ.к. Ташкилий инновацияларга қуйидагилар кирмайди: фирмада аввал фойдаланилган ташкилий услубларга асосланган иш амалиётидаги, иш жойларини ташкил этишдаги ва ташқи алоқалардаги ўзгаришлар; янги ташкилий услубни жорий этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқарув стратегиясидаги ўзгаришлар; бошқа фирмалар билан қўшилиш ва бошқа фирмани сотиб олиш. Ноу-хау – бу ишлаб чиқариш сири ҳисобланган, эгаси бу маълумотларни учинчи шахслар томонидан ноқонуний ишлатилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлган, ҳимояловчи хужжатлар (масалан, патентлар) билан муҳофазаланмаган ва тўлиқ ёки қисман нашр қилинмаган техник, ташкилий ёки тижорат маълумотларидир. Булар хўжалик фаолияти жараёнида фойда келтирадиган янги технология, техник ёки бошқа ечимлар, билим, тажриба бўлиши мумкин. Товар белгиси - бу бирор ишлаб чиқарувчининг товар ва хизматларини бошқа ишлаб чиқарувчининг ўхшаш товар ва хизматларидан фарқлаш учун мўлжалланган оригинал график тасвир, рақам, харф ёки сўзларнинг бирикмасидир. Ихтиро – бу турли соҳалардаги махсулотга (хусусан, қурилма, модда, микроорганизм штаммлари, ўсимлик ва хайвонлар хужайраларига) ёки усулга (моддий воситалар ёрдамида моддий объектлар устидан харакатни амалга ошириш жараёнига) тегишли техник ечим. Агар ихтиро янги бўлиб, ихтиро даражасига эга ва саноатда қўллаш мумкин бўлса, унга хуқуқий муҳофаза (патент) берилади. Фойдали модель – бу мосламага тааллуқли техник ечим. Ишлаб чиқариш воситаларининг конструктив бажарилиши ва истеъмол қилиш предметлари ҳамда уларнинг таркибий қисми фойдали моделларга киради. Агарда фойдали модел янги ва саноатда қўлланиладиган бўлса, унга хуқуқий муҳофаза (патент) берилади. Саноат намуналари – бу саноат ёки хунармандлик буюмларининг ташқи кўринишини белгиловчи бадиий-конструкторлик ечимидир. Агар саноат намунаси янги ёки оригинал бўлса, унга хуқуқий муҳофаза (патент) берилади. 14. "Хорижий сармоя иштирокидаги корхонанинг асосий молиявий кўрсаткичлари тўғрисида" ги 1-МБ (ВЭС) шаклига илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган "Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида"ги Низомга (1999 йил 2-сон, ст.9 Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарор бўйича йиғилиши) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2002 йил 27 декабрдаги 140-сон билан тасдиқланган Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга (2003 йил 24 январдаги 1209-сон билан рўйхатга олинган) асосан тўлдирилиши зарур. (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив хужжатлари бюллетени, 2003 йил 1-2-сон).
demografiya.zip
1-Т (йиллик) ва 1-Т (ойлик) “Меҳнат ҳисоботи” давлат статистик ҳисоботи шаклларини тўлдириш бўйича ТУШУНТИРИШЛАР
Меҳнат ҳисоботларини тўлдиришда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси (21.12.1995 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган, 01.04.1996 йилдан амалга киритилган), Солиқ Кодекси (янги таҳрирдаги), Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳаражатлар таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.1999 йилдаги 54-сонли Қарори билан тасдиқланган), Касаначилик тўғрисидаги Низом (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.01.2006 йилдаги 4-сонли Қарори билан тасдиқланган) ва ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланиш зарур. Ёлланма меҳнатидан фойдаланувчи барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар (бундан кейин – корхоналар), уларнинг идоравий бўйсунишидан, мулкчилик шаклидан ва ташкилий-ҳуқуқий бошқарув шаклларидан қатъи назар, меҳнат бўйича статистик ҳисоботларни тузишда мазкур тушунтиришдан фойдаланадилар. Ёлланма ходимларга шартнома (контракт) бўйича ёки ёллаб ишга қабул қилиш тўғрисидаги битим бўйича ишлайдиган барча шахслар киритилиши лозим. 1.1. Меҳнат бўйича ҳисоботни юридик шахс ҳисобланадиган барча корхоналар тузишлари ва тақдим этишлари керак (кичик бизнес корхоналари тегишли шаклнинг меҳнат бўлимини тўлдирадилар). Алоҳида бўлинмалар, мустақил бўлмаган бўлинмалар (ишлаб чиқариш, цех, бўлим, участка, ферма, бригада, звено, бюро, лаборатория ва ҳоказолар) бўйича маълумотлар қайси корхонанинг балансида бўлса, шу корхонанинг меҳнат бўйича ҳисоботига киритилади. Алоҳида баланс ҳамда банк муассасаларида ўз ҳисоб рақамига эга бўлган ва бирлашманинг бош корхонага қараганда бошқа вилоят ҳудудида жойлашган бирлашма таркибига кирувчи алоҳида бўлинмалар статистик ҳисоботларни бош корхонага ёки унинг кўрсатмаси бўйича алоҳида бўлинма жойлашган жойдаги статистика органига тақдим этадилар. Бирлашмалар бундай ҳолатларда бош корхона жойлашган жойдаги статистика органига умуман бирлашма бўйича ҳисоботни бошқа вилоятлар ҳудудида жойлашган алоҳида бўлинмалар маълумотларисиз тақдим этадилар. 1.2. Меҳнат бўйича статистик ҳисоботларни тузишда асосий талаб бўлиб ҳисоботни тўлдиришнинг тўлиқлиги ва ҳисобот маълумотларининг ҳаққонийлиги ҳисобланади. Ҳисоботлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ҳисоботларнинг ўз вақтида топширилиши учун мулкчилик шаклидан қатъий назар, корхоналарнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари шахсан жавобгардирлар. Корхоналарда меҳнат бўйича статистик ҳисоботлар бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг бирхиллаштирилган шакллари асосида тузилиши шарт. Меҳнат бўйича бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг асосий шакллари ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар); шахсий варақа; таътил бериш тўғрисидаги ёзув; иш вақтидан фойдаланиш ҳисоби табели; ҳисоб-китоб қайдномалари; тўлов қайдномалари; шахсий ҳисобрақамлар ва белгиланган тартибда тасдиқланган бошқа ҳужжатлар ҳисобланади. 1.3. Иш вақтидан фойдаланиш ҳисоботи табелидаги ишга чиқмаганлик сабаблари тўғрисидаги, тўлиқсиз иш кунида ишлаганлиги тўғрисидаги, иш вақтидан ташқари ишлаганлиги ва бошқа хил меъёрий иш шароитларидан чекинишлар тўғрисидаги белгилар фақатгина тегишли тарзда расмийлаштирилган ҳужжатлар (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, ишсиз туриб қолганлик варақаси, давлат ёки жамоат ишларини бажарганлиги тўғрисидаги маълумотномалар ва ҳоказо) ҳужжатлар асосида амалга оширилиши керак. 1.4. Агар ҳисобот даври мобайнида алоҳида бўлинмалар ва айрим бўлинмаларни бир корхонадан бошқасига бериш ҳоллари юз берган бўлса, топширган корхонанинг меҳнат бўйича статистик ҳисоботларидан йил бошидан бошлаб кўрсатилган маълумотлар чиқариб ташланади ва мазкур алоҳида бўлинмалар ва бўлинмалар таркибига киритилган корхоналар ҳисоботига йил бошидан киритилади. Ҳисобот даврида корхона ёки қандайдир алоҳида бўлинмалар тугатилганда, унинг фаолият юритган даври учун (йил бошидан унинг тугатилиш давригача) маълумотлар меҳнат бўйича ҳисоботлардан чиқариб ташланмайди. 1.5. Меҳнат бўйича ҳисоботларда хато ва бошқа бузиб кўрсатишлар аниқланганда, корхоналар томонидан ҳисобот маълумотларини тузатиш хато ёки бошқа бузиб кўрсатишга йўл қўйилган ўша ҳисобот даври (ой, чорак, йил) ҳисоботларида, мазкур ҳисобот, шунингдек барча кейинги ҳисоботларда ўсиб борувчи якун маълумотларида амалга оширилади. 2. Ходимларнинг рўйхат таркиби Корхона ходимларининг рўйхат таркибига доимий, мавсумий, шунингдек бир кун ва ундан ортиқ муддатга вақтинча ишга олинган барча ходимлар, контракт бўйича ишга олинганлар ҳам, ишга қабул қилинган кунидан бошлаб киритилади. Бунда ҳақиқатда ишлаётганлар ҳам, вақтинча ишламаётган, бироқ ишга расман бириктирилганлиги ҳуқуқини сақлаб қолганлар ҳам ҳисобга олинади. 2.1. Ходимларнинг рўйхат таркибига қуйидагилар киритилади: туриб қолиш сабабли ишламаганларни ҳам қўшиб, ҳақиқатда ишга келганлар; синов муддати билан ишга қабул қилинганлар (ишга чиққан биринчи кунидан бошлаб таркибга киритилади); тўлиқсиз иш кунига ёки тўлиқсиз иш ҳафтасига ишга қабул қилинганлар; хизмат сафарида бўлганлар, агар уларнинг иш ҳақи мазкур корхонада сақланса, бунга чет элда қисқа муддатли хизмат сафарларида бўлганлар ҳам киради; корхона билан ишни уйида шахсий меҳнати билан (касаначилар - ҳар бир календарь кун учун бир бутун бирлик сифатида ҳисобга олинади) бажариш тўғрисида меҳнат шартномасини тузганлар; корхонадан ташқарида нарядлар бўйича ишловчилар, агар улар иш ҳақини мазкур корхонадан олсалар; вахта усулида иш бажариш учун жўнатилганлар; фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги (пудрат шартномасини ҳам қўшиб) тузилган шартномалар бўйича иш бажарувчилар, агар бажарилган иш учун ҳисоб-китоблар бевосита корхонанинг ўзи томонидан амалга оширилса ва бу ходимлар бошқа корхоналар рўйхатига киритилмаган бўлган шартларда; ишга чиқмаган ходимларнинг (касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш учун таътил, болани парваришлаш учун таътил сабабли) ўрнига қабул қилинганлар; бошқа корхоналардан вақтинча ишга жалб этилганлар, агар асосий иш жойи бўйича уларнинг иш ҳақи сақланмаса; корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ва иш ўрни ёки лавозимга тайинланган талабалар ва таълим муассасалари ўқувчилари; олий ўқув юртларининг илмий-тадқиқот секторлари томонидан ишларни бажаришга жалб этилган талабалар ва аспирантлар, агар улар штатдаги лавозимларга киритилган бўлса; республика ҳудудида жойлашган қўшма корхоналарда, объектлар қурилишида ва бошқа корхоналарда ишловчи бошқа мамлакатларнинг ишчи ва мутахассислари. 2.2. Рўйхат таркибига, шунингдек корхонада вақтинча ишламаётган қуйидаги ходимлар ҳам киритилади: касаллик бўйича (меҳнатга лаёқатсизлик варақаларига мувофиқ ишга қайтгунча ёки ногиронлик бўйича чиқиб кетишгача бўлган бутун касаллик даври мобайнида) ишга чиқмаганлар; давлат ёки жамият мажбуриятларини, шунингдек, иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаати юзасидан (рационализаторлик таклифларини татбиқ этиш ишларида иштирок этиш, хизмат сафарида бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳолларда) ва жамият манфаатларида мажбуриятлар бажариш муносабати билан ишга чиқмаганлар; қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларга вақтинча жалб этилганлар, агар уларнинг асосий иш жойи бўйича иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланиб қолса; ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ишларига, ҳосил йиғиштиришга хизмат сафарига жўнатилганлар, ҳукумат қарорига мувофиқ уларнинг асосий иш жойида суткалик ва тураржой ҳақлари ўрнига ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и сақланади (автомобиль ҳайдовчилари, таъмирлаш бўйича ишчилар, механиклар, автожамланма бошлиқлари, автомобиль хўжаликларининг нозимлари, тракторчи-машинистлар ва бошқа механизаторлар); қурилиш, монтаж ва созлаш ишларини бажариш учун хизмат сафарига жўнатилганлар, уларга ҳукумат қарорига мувофиқ асосий иш жойидан тариф ставкасининг (лавозим маошидан) 50-75%и миқдорида, суткалик ва тураржой ҳақлари ўрнига иш ҳақига қўшимчалар тўланади; ишдан ажралган ҳолда институтларга, малака ошириш факультетларига, ўқув комбинатлари, курслар ва бошқа ўқув муассасаларига малака ошириш ёки янги касб (ихтисос) эгаллаш учун жўнатилганлар, агар уларнинг иш ҳақи сақланадиган бўлса; қонунда назарда тутилган ҳолатларда, жамоа шартномалари ёки бошқа локал меъёрий ҳужжатлар билан тақдим этилган пул тўланадиган йиллик, йилликка қўшимча таътилда бўлганлар; ҳомиладорлик ва туғиш таътилларида, шунингдек янги туғилган чақалоқни бевосита туғруқхонанинг ўзидан асраб олганлик муносабати билан таътилда бўлганлар; қонунга мувофиқ белгиланган ёшга етгунча фарзандни парваришлаш бўйича ҳам қисман пул тўланадиган таътилда, ҳам иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътилда бўлганлар; таълим муассасаларида, аспирантураларда ўқийдиган, иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ўқув таътилида бўлганлар; таълим муассасаларида охирги курсларида ўқийдиган, иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлганлар, шунингдек кириш имтиҳонларини топшириш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлган таълим муассасаларига кирувчи ходимлар; қўшимча ишдан озод қилинган кунларда бу кунлари улар учун иш ҳақининг сақланиш ёки сақланмаслигидан қатъи назар ишга келмаган ўқийдиганлар; оилавий аҳволи ва бошқа узрли сабаблар билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда маъмурият рухсати билан (ходимнинг ташаббуси бўйича) қисқа муддатли таътилда бўлганлар; иш ҳақи сақланмаган ёки қисман сақланадиган мажбурий таътилда бўлганлар (жамоавий шартномага асосан 2 ҳафтадан ортиқ муддат); иш ҳақи сақланмаган қўшимча таътил олган Улуғ Ватан урушида қатнашган ишловчилар; амалдаги қонунларга мувофиқ болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил олган, икки ва ундан ортиқ фарзанди бор ишловчи аёллар; корхона иш жадвалига биноан, шунингдек иш вақтининг яхлитлаштирилган ҳисобида вақтдан қайта фойдаланиш учун дам олиш кунига эга бўлганлар; дам олиш куни ёки байрам (ишланмайдиган) кунида ишлагани учун ҳордиқ куни олганлар; маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий ҳибсга олинган ходимлар билан бирга, прогул қилганлар; суднинг ҳал қилув қарори чиққунча терговда бўлганлар. 2.3. Қуйидаги ходимлар рўйхат таркибига киритилмайди: бир марталик иш бажариш (тиббиёт муассасаларида шифокорлар консультацияси, экспертиза ишлари, инвентарни таъмирлаш, оқлаш, бўяш ва ҳоказо) учун жалб этилганлар; фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги тузилган шартномалар (пудрат шартномаси ҳам) бўйича иш бажарувчилар, агар бу ходимлар бошқа корхоналарнинг рўйхатида турса; бошқа корхоналардан ўриндошлик бўйича ишга қабул қилинганлар ва ўриндошларнинг алоҳида рўйхатида турганлар; давлат ташкилотлари билан махсус шартномаларга биноан иш кучи етказиб бериш мақсадида корхоналарга ишга жалб этилганлар; бошқа корхонага вақтинча ишга йўлланганлар, агар уларнинг асосий иш жойида иш ҳақи сақланмаса; корхоналар томонидан ишдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус ўқув юртларига ўқишга йўлланган, мазкур корхоналар маблағи ҳисобидан стипендия олувчилар; янги ишга тушириладиган корхоналарда ишлаш учун қурилишнинг йиғма сметаларида назарда тутилган маблағлар ҳисобига ўқитиш (тайёрланиш) даврида; олий ёки ўрта махсус ўқув юртини тугатгандан сўнг таътилда бўлган, таътил вақти учун улар ишга йўлланган корхонадан нафақа олган ёш мутахассислар; ишдан бўшаш тўғрисида ариза берган ва огоҳлантириш муддати тугашигача ишни тўхтатганлар ёки маъмуриятни огоҳлантирмасдан ишни тўхтатганлар. Улар ишга чиқмаган биринчи кундан бошлаб ходимларнинг рўйхат таркибидан чиқарилади. Корхона ходимларининг ҳисобот даври учун (ой, чорак, йил бошидан, йил) рўйхатдаги сонини аниқлаш учун ходимларнинг санадаги миқдорини ҳисобга олиш етарли эмас, чунки бу кўрсаткичда қаралаётган давр мобайнида рўй берган ўзгаришлар ҳисобга олинмайди. 2.4. Бир давр учун ходимларнинг ўртача рўйхатдаги сонини аниқлаш учун одатда ходимларнинг ишга қабул қилиниши, бошқа ишга ўтказилиши ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар) асосида аниқлаштирилиши керак бўлган ходимларнинг рўйхатдаги таркиби сонининг кундалик ҳисоби юритилади. Ҳар бир кун учун ходимларнинг рўйхатдаги таркиби сони ходимларнинг иш вақтидан фойдаланишни ҳисобга олиш табели маълумотларига мувофиқ келиши керак. Ходимларнинг ўртача бир ҳисобот ойи учун рўйхатдаги сони (ўртача ойлик сони), байрам (ишланмайдиган) ва дам олиш кунлари билан биргаликда 1-дан 30-гача ёки 31-гача (февраль ойи учун 28 ёки 29 кунгача) ходимларнинг ҳисобот ойининг ҳар бир календарь куни учун рўйхатдаги таркиби сонини қўшиш ва олинган суммани ҳисобот ойининг календарь кунлари сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади. Ходимларнинг дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) куни учун ўртача рўйхатдаги сони деб ходимларнинг олдинги иш куни учун ўртача рўйхатдаги сони олинади. Бирданига икки ёки ундан ортиқ дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлари мавжуд бўлган ҳолларда ходимларнинг ушбу кунлардан ҳар бири учун ўртача рўйхатдаги сони деб дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларидан олдинги иш куни учун ходимларнинг ўртача рўйхатдаги сонига тенг бўлгани олинади. Бир ойдан кам вақт ичида фаолият кўрсатган (масалан, янги ишга туширилган, тугатилган, мавсумий ишлаб чиқариш тусига эга ва ҳоказо) корхоналарда бир ой учун ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони корхонанинг ҳисобот ойида барча ишланган кунлари учун, бунга унинг ишлаш давридаги дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари ҳам киради, ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони суммасини ҳисобот ойидаги жами календарь кунлари сонига бўлиш йўли орқали аниқланади. Йил бошидан бошлаб то ҳисобот ойига қадар бўлган давр учун ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони йил бошидан бошлаб ҳисобот ойига қадар олинган давр учун ўтган жами ойлар учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани корхонанинг йил бошидан буён бўлган даврда ишланган ойлари сонига, яъни тегишинча, 2, 3, 4 ва ҳоказога, бўлиш йўли билан аниқланади. Агар корхона тўлиқ бир йил ишламаган бўлса (ишнинг мавсумий тусдалиги ёки январь ойидан кейин фойдаланишга топширилган ва ҳоказо) у ҳолда ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳам корхонанинг барча ишланган ойлари учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани 12 га бўлиш йўли билан аниқланади. 3. Ўртача иш ҳақи ва бошқа ўртача миқдорларни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ходимлар сони 3.1. Ўртача иш ҳақи, меҳнат самарадорлиги ва бошқа кўрсаткичларни аниқлаш чоғида “ўртача иш ҳақи ва бошқа ўртача миқдорларни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ходимлар сони” кўрсаткичидан фойдаланилади. Ушбу кўрсаткични топиш учун ходимларнинг рўйхатдаги таркиби сонидан ходимларнинг айрим тоифаларини чиқариб ташлаш зарур, улар: ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган, шунингдек бевосита туғуруқхонанинг ўзидан янги туғилган чақалоқни фарзандликка олиш муносабати билан таътилда бўлган аёллар; болани унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ маълум бир ёшга тўлгунига қадар парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган (нафақат қисман ҳақ тўланадиган, балки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган) аёллар; ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш учун, ҳосилни йиғиб олишга, ҳукумат қарорига мувофиқ уларнинг асосий иш жойлари бўйича суткалик ва квартира ҳақлари ўрнига ўртача иш ҳақининг 75 %и сақланиб қоладиган, хизмат сафарига юборилган ходимлар (автомобилларнинг ҳайдовчилари, таъмирлаш бўйича ишчилар, механиклар, автожамланмаларнинг раҳбарлари, автомобиль хўжаликларининг нозимлари, тракторчи-машинистлар ва бошқа механизаторлар); ҳукумат қарорига мувофиқ уларнинг асосий иш жойлари бўйича иш ҳақига қўшимча равишда суткалик ва квартира ҳақи ўрнига тариф ставкаси (лавозим маоши)нинг 50-75 %и миқдорида қўшимча ҳақ тўланадиган, қурилиш, монтаж ва созлаш ишлари учун хизмат сафарига юборилган ходимлар; таълим муассасаларида, аспирантураларда тахсил олувчи, ўқув таътилида (нафақат ўқув таътилига тўлиқ ёки қисман ҳақ тўлаш орқали, балки ҳақ тўланмаган ҳолда) бўлган ходимлар, шунингдек таълим муассасаларига ўқишга кираётган, кириш имтиҳонларини топшириш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлган ходимлар; иш ҳақи сақланмаган ҳолда мажбурий таътилда бўлган ходимлар. 3.2. Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун олинадиган ходимлар сонида рўйхатдаги таркибда бўлмаган айрим ходимлар: давлат ташкилотлари билан (иш кучини тақдим этишга оид) махсус шартномаларга кўра ишлашга жалб қилинган шахслар, психиатрия (психоневрология) муассасаларининг наркология бўлимларига даволаш учун жойлаштирилган ва корхонада меҳнатга даволаш мақсадида жалб қилинган сурункали алкоголизм билан оғриган беморлар алоҳида ҳисобга олинади. Бундай ходимларнинг ҳисобга олиш сони уларга бир ой учун ҳақиқатда ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи фондини мазкур корхонанинг бир ишчисига бўлган ўртача ойлик иш ҳақига бўлиш орқали аниқланади. 3.3. Ўртача ойлик иш ҳақининг ҳисобланиши учун олинадиган ходимлар сонини аниқлаш чоғида тўлиқ бўлмаган иш кунига ёки тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасига ишга олинган ходимлар ҳақиқатда ишланган вақтга мутаносиб равишда қуйидаги тартибда ҳисобга олинадилар: ушбу ходимлар томонидан ишланган киши-кунларининг умумий сони аниқланади, бунинг учун ҳисобот ойида ишланган киши-соатларининг умумий сони белгиланган иш куни давомийлигига бўлинади. Кейин ходимларнинг сони аниқланади, бунинг учун ишланган киши-кунлари сони ҳисобот ойидаги тақвим бўйича иш кунлари сонига бўлинади. 3.4. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш учун олинадиган ходимлар сонига уларга ҳақиқатда бир ой учун ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи фондини асосий фаолиятдаги бир ишчининг ҳисобот ойи учун ўртача ойлик иш ҳақига бўлиш йўли билан ҳисобланган уйда ишловчиларнинг ҳисоб-китоб қилинган сони киритилади. 3.5. Тўлиқ бўлмаган ой, тўлиқ бўлмаган чорак, тўлиқ бўлмаган йил давомида ишлаган корхоналар бўйича ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш учун олинадиган ходимлар сонини ҳисоблаш тартиби 2.4.-бандларда баён қилинган тартибга айнан ўхшашдир. 4. Корхонанинг асосий ва асосий бўлмаган фаоличтида банд бўлган ходимлар Кўп тармоқли функцияларга эга корхоналарнинг меҳнат бўйича ҳисоботларида ходимларни қуйидаги тоифаларга бўлиш назарда тутилган: асосий фаолиятда ва асосий бўлмаган фаолиятда банд бўлганлар (хизматлар кўрсатувчи ва бошқа хўжаликларда).
5. Ходимлар тоифаси Корхоналарнинг меҳнат бўйича ҳисоботларида ходимлар сони иккита гуруҳга: ишчи ва хизматчиларга ажратилади. Хизматчилар гуруҳидан қуйидаги тоифалар ажралиб чиқади: раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчилар тоифасига кирувчи бошқа ходимлар. Ишчиларга ишлаб чиқариш жараёнида бевосита моддий қимматликларни яратиш билан банд бўлган, шунингдек таъмирлаш, юкларни ташишлар, йўловчиларни ташишлар, моддий хизматларни кўрсатиш ва бошқалар билан банд бўлган шахслар киради. Раҳбарларга корхоналарнинг ва уларнинг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари лавозимларини эгаллаб турган ходимлар кирадилар. Мутахассисларга муҳандислик-техника, иқтисодий ва бошқа ишлар билан банд бўлган ходимлар, жумладан, агрономлар, маъмурлар, бухгалтер (ҳисобчи)лар, геологлар, нозимлар, маҳандислар, инспекторлар, корректорлар, математиклар, механиклар, меъёрловчилар, муҳаррирлар, тафтишчилар, руҳшунослар,социологлар,техниклар, товаршунослар, физиологлар, рассомлар, иқтисодчилар, энергетиклар, ҳуқуқий маслаҳатчилар, шифокорлар, ўқитувчилар кирадилар. Хизматчиларга кирувчи бошқа ходимлар - ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштиришни, ҳисоб ва назорат, хўжаликка хизмат кўрсатишни амалга оширувчи ходимлар, жумладан, агентлар, архивариуслар, навбатчилар, иш юритувчилар, кассирлар (хазиначилар), корректорлар, комендантлар, назоратчилар (ишчилар сирасига киритилмайдиган), техникага оид ҳужжатлардан нусха кўчирувчилар, секретар (котиба)-машинисткалар, нозирлар, статистикачилар, стенографиячилар, табелчилар, ҳисобга олувчилар ва чизмакашлардир. Ходимларнинг у ёки бу тоифага ўтказиш Машғулотларнинг миллий стандарт таснифлагичига ва Адлия вазирлиги томонидан 2003й. 9 декабрда 1288 – сон билан рўйхатга олинган Лавозимлар номенклатурасига асосан амалга оширилади. 6. Иш ҳақи “Иш ҳақи” тушунчаси молиялаш манбаидан қатъи назар, пул ёки натура шаклларида ҳисоблаб ёзилган, бунга ходимларга ишланмаган вақт (ҳар йилги таътил, байрам кунлари ва ҳоказолар) учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб ёзилган пул суммалари ҳам киради, иш ҳақларининг барча турларини (шунингдек турли мукофотлар, қўшимча тўловлар, қўшимча ҳақлар ва ижтимоий тўловларни) қамраб олади. Меҳнат бўйича статистика ҳисоботининг тузишда ходимлар билан иш ҳақи юзасидан ҳисоб-китоблар амалга оширилган тўлов ҳужжатларига мувофиқ тўлаш учун ҳисоблаб ёзилган пул суммалари кўрсатилади. Бунда кўрсатилган суммалар брутто кўринишида, яъни қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа ушланмаларни чегириб ташлашларсиз келтирилади. Чет эл валютаси ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи чет эл валютасини Марказий банкнинг курси бўйича Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига қайта ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланган суммада кўрсатилади. Меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш ҳамда меҳнатга оид ва ижтимоий имтиёзларнинг тақдим этилиши ҳолларида меҳнат бўйича ҳисоботларга суммалар бозор баҳоларидан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади. Натура шаклидаги барча тўловлар даромад солиғи ва қонун хужжатларида белгиланган ушланмалар суммасига оширилади. 6.1. Пул шаклидаги иш ҳақига қуйидаги гурухлантирилган тўловлар киритилади: ҳақиқатда бажарилган иш учун, хўжалик юритувчи субъектда қабул қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб ёзилган, бунга ишланган кунлар (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш) ҳисоби бўйича бошланғич ҳужжатларда назарда тутилган рағбатлантириш тусидаги тўловлар ҳам, фойдадан олинган улушлар ҳам ҳисоблаб ёзилган иш ҳақига киради; бир марталик ва тизимлаштирилган қоидаларга кўра рағбатлантириш тусига эга тўловлар: ишлаш режими ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ компенсациялаш тусидаги тўловлар; ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш; жалб этилган ходимларга ва ходимнинг айбисиз брак деб топилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқарилиши учун ҳақ тўлаш. 6.2. Натура шаклидаги иш ҳақига қуйидаги тўловлар киритилади: ходимларга товарлар, маҳсулотлар ва бошқа қимматликларни текинга бериш ёки ходимлар учун ишлар, хизматларни бажариш; қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида тармоқларнинг ходимларига текинга тақдим этилган озиқ-овқат маҳсулотларининг қиймати; қонун ҳужжатларига мувофиқ ошхона, буфет кабиларга корхона томонидан ходимларига озиқ-овқат учун қисман ёки тўлалигича бериладиган талон шаклидаги натура тўловлари; хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимларига текинга уй-жой ва коммунал тақдим этилган тўловлар (ёки уй-жой, коммунал ва бошқалар учун пулли тўловлар); қонун ҳужжатларига мувофиқ темир йўл, авиа, денгиз, автомобиль транспорти ва шаҳар электртранспорти ходимларининг йўлда юришлари бўйича имтиёзлар қиймати; амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ текинга бериладиган, шахсий доимий фойдаланишида қоладиган буюмларнинг (бунга махсус кийим-бош, формали кийим-бош, махсус овқатланиш киради) қиймати (ёки уларнинг пасайтирилган нархларда сотилиши муносабати билан имтиёзлар суммаси); ходимлар харажатларини (овқатланиш, транспортда юриш, даволаниш ва дам олишга, экскурсиялар ва саёҳатларга йўлланмалар, спорт секцияларида, тўгаракларда, клубларда машғулотлар, маданий-кўнгилочар ва жисмоний (спорт) тадбирларга қатнашиш, обуна бўлиш, ходимларнинг шахсий истеъмол учун товарлар ва бошқа шунга ўхшаш тўловларни) қоплаш; корхона ходимларига етказиб берилаётган ёки ёрдамчи хўжаликлар томонидан корхона ходимларининг умумий овқатланиши учун бериладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) га доир нархдаги (фарқ)ни қоплаш бўйича харажатлар; соғлиқни сақлаш органлари билан ўз ходимларига тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар бўйича поликлиникаларнинг хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар, болаларни мактабгача тарбия муассасаларида корхонанинг маблағлари ҳисобига тутиб туриш учун тўлов; ходимларга берилган тураржой, квартира тўлови, ётоқхонадаги жой (бундан 6.2.5, 7.1.2-бандларда кўрсатилганлари мустасно) ҳақини тўлаш бўйича харажатлар; ходимларнинг умумий фойдаланишдаги йўловчилар транспорти билан хизмат кўрсатилмайдиган йўналишлар бўйича иш жойига ва қайта уйларига ташишлар билан боғлиқ харажатлар; корхоналар томонидан ўз ходимлари фойдасига тузилган шахсий ва мулкий суғурталаш шартномаларига кўра корхоналар томонидан тўланадиган суғурта тўловлари (бадаллари). 6.3. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш. Ходимларнинг умуман корхона бўйича ўртача иш ҳақи рўйхатдаги таркиб ходимларнинг иш ҳақи фондидан (нафақат пулли, балки натура шаклларида ҳам) ҳисоблаб ёзилган суммаларни (бунга ички ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳам киради) ўртача иш ҳақи ва бошқа ўртача миқдорларни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган ходимлар сонига бўлиш орқали ҳисоблаб чиқарилади. Йил бошидан бир ишчига тўгри келадиган ўртача иш ҳақини ҳисоблашда, ҳосил бўлган қийматни шу давр ойлар сонига бўлиш орқали хисобланади. Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб топгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг IX бобида келтирилганидек, бир ишчига тўғри келадиган ўртача иш ҳақи мамлакатда белгиланган энг кам иш ҳақидан кичик бўлмаслигини эътиборга олиш лозим. 7. Иш ҳақи таркибига киритилмайдиган, бироқ ишчи кучини сақлаш учун қилинган харажатлар қийматида ҳисобга олинадиган тўловлар ва харажатлар Уларга қуйидаги харажатлар киради: корхонанинг ходимлар учун тураржойга оид харажатлари; ижтимоий суғурталашнинг барча турлари бўйича иш ҳақи фондига ҳисоблаб ёзишлар (бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига; бандликка кўмаклашиш фондига; касаба уюшмалар федерациясига); ходимларни касбга ўқитиш билан боғлиқ тўловларни ҳисобга олишсиз корхона маблағлари ҳисобидан (фонддан ташқари) махсус тўловлар; кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича харажатлар; маданий-маърифий, соғломлаштириш ва бошқа тадбирларни ўтказиш харажатлари; Ишчи кучининг тутиб турилиши учун бошқа тўловлар ва харажатлар. 8. 1-Т (ойлик) ҳисоботига Уй меҳнатидагилар сони –ўз турар жойида, ўзига ёки оила аъзоларига қарашли бошқа жойларда меҳнат шартномасига асосан иш берувчининг буюртмаси бўйича товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ишларини амалга оширадиган жисмоний шахс (уй меҳнатидаги) лардир. Иш ҳақини тўлаш бўйича муддати ўтиб кетган қарз аслида ёзилган, аммо коллектив шартнома бўйича белгиланган муддатда тўланмаган сумма ҳисобланади. Бу кўрсаткичнинг йил бошидан дейилган устунида ҳисобот санасида тўланмаган қонунда белгиланган солиқ ва бошқа ушланмаларни чегириб, ўтган даврдан қолган қарзни қўшган ҳолда кечиктирилган қарз суммаси кўрсатилади. Ишланган киши-соат сонига ой давомида ва йил бошидан йиғилиб келган ходимлар ишлаб берган барча киши-соати билан бирга иш вақтидан ташқари ишлаган киши-соатлари, шунингдек, иш вақтидан ташқари маъмурият билан келишилган шартнома асосида ишлаган киши-соатлар киритилади. Ишга қабул қилинган ва ишдан бўшаган ходимлар сонига давлат корхоналаридан махсус шартномалар бўйича ишга жалб этилган ходимлар ва ишга ўриндошлик бўйича қабул қилинганлар киритилмайди. Ҳисобот даври учун бошқа корхоналар ва ташкилотлардан қабул қилинган ўриндошларнинг ўртача сони худди маълум давр учун ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони каби ҳисобланади (2-бўлим). Меҳнат Кодексига асосан ходимлар турли сабабларга кўра тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасига (белгиланган иш вақти давомийлигига нисбатан) ишга қабул қилинишлари (ўтказилишлари) мумкин. Ҳисоботда хомашё, материаллар, ёқилғи маҳсулотлар, бутловчи маҳсулотлар бўлмаган, маҳсулотларни сотиш қийин бўлган ҳолларда ва ш.к. шароитларда маъмурият ҳақ тўланмайдиган ёки қисман ҳақ тўланадиган қўшимча таътилларга чиқаришга мажбур бўлган ходимлар сони кўрсатилади. 21-24 сатрларга изоҳ. Агар бир ходимнинг ўзи айнан ҳисобот даври давомида ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши туфайли бир мартадан ортиқ таътилга чиққан бўлса, ёки бир неча марта тўлиқ бўлмаган иш вақтига ўтказилган бўлса, у ҳисобот даврида бир марта ҳисобга олинади ва ҳисоботда бир шахс сифатида кўрсатилади. Иш ўрни – ишлаб чиқариш вазифаларини бажарувчи ходим ёки бир гуруҳ ходимларнинг фаолият кўрсатадиган, зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган жой. Ҳисоботда ишлатилиб турилган ёхуд фойдаланилмаётган, ишчи кучи билан таъминланган ёки таъминланмаган иш ўрни кўрсатилади. Ҳисоботда алоҳида (айрим) ишчи ўринлари қайд қилинади. Жамоа иш ўринлари амалдаги меҳнат, бошқа норма ва меъёрларга асосан, алоҳида ишчи ўринларга нисбатан келтирилади. Иш билан банд ходимлардан ҳар бири алоҳида иш зоналарига бириктирилмаган жой – жамоавий иш ўрни деб тушунилади. Ишчи бириктирилмаган яъни умумий фойдаланиладиган дастгоҳ, асбоб-ускуна ва жиҳозлар; монтаж қилинаётган, йиғилган ёки ўрнатилган, шунингдек, кўчирилган ва далолатнома бўйича фойдаланишга топширилмаган асбоб-ускуналар, шунингдек, намойиш қилинадиган асбоб-ускуналар ва кўргазмага қўйиладиган намуналар иш ўрни сифатида ҳисобга кирмайди. 9. 1-Т (йиллик) ҳисоботига Ходимлар сони ва таркиби (2-бўлим). Ҳисоботда тугалланган олий ва ўрта махсус маълумотли (олий ва ўрта махсус билим юртини ёки унга тенглаштирилган билим юртини, кечки ва сиртқи бўлимни тугатганлиги тўғрисидаги дипломи, гувоҳнома, шаҳодатномаси) бўлган, қаерда ишлашидан қатъи назар, яъни корхонанинг асосий фаолиятида банд бўлганлар билан бир қаторда асосий бўлмаган фаолиятида – ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи хўжаликлар: транспорт, уй-жой коммунал хўжалиги, маданий-маиший муассасалар, иморат ва биноларни капитал таъмирлаш, курслар, болалар боғчалари ва корхона (ташкилот) балансида турувчи бошқа ташкилотларда банд бўлган ходимлар сони кўрсатилади. 03 сатрга, шунингдек, олий ўқув юртларида учинчи ва ундан юқори курсларга ўтиб ўқиётган ёки таълим олган ходимлар киритилади. 04 сатрда бошланғич (I-IVсинфлар), бошланғич ўрта (I-IX) ва умумтаълим мактаблари (I-XII), шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар билм юртларини (ҳунар-техника билим юртларини ёки ҳунар-техника билим юртларидаги гуруҳларни) битирганлар ва касб бўйича ихтисос ҳамда ўрта маълумоти ҳақида диплом олган ходимлар кўрсатилади. Умумий маълумот бермайдиган билим юртлари (масалан, бухгалтерлик, турли тайёрлов курслари, қайта тайёрлов ва малака ошириш ва шу кабилар)ни тугатган ходимлар, шунингдек, шу каби билим юртларида ўқиётган ходимлар умумтаълим мактабларида ёки ўрта махсус билим юртларида олган маълумот даражаси бўйича кўрсатилади. Ҳисоботнинг 05-15 сатрларида ходимлар ёшига қараб гуруҳларга ажратилади. Ёшга қараб гуруҳларга ажратиш ҳисобот йилининг охирида тўлган ёшлар сони орқали амалга оширилади. Рўйхат таркибидаги ходимлар сони 2 гуруҳга: ишчилар ва хизматчиларга бўлинади (2-6 бандлар) хизматчилар гуруҳидан қуйидаги тоифалар ажратилади: раҳбар, мутахассис ва бошқа хизматчилар тоифасига мансуб ходимлар (5 бўлимга қаранг). Ходимларни у ёки бу тоифага ажратишда ишчи касблари таснифи, хизматчиларнинг мансаб ва тариф даражалари (тариф-малака маълуотномаси)га мувофиқ амалга оширилади. Ишлаётган пенсионерлар ва ногиронлар сони (3-бўлим). 17-20 сатрлар ишчининг меҳнат дафтарчасида туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимининг нафақа тайинланганлиги тўғрисидаги муҳри борлигига қараб тўлдирилади. Ходимларни касб-ҳунарга ўқитиш (4-бўлим). Бевосита корхоналар (муассасалар, ташкилотлар)да ўқитилган ходимлар, шунингдек ўқув курс марказларида, ўқув пунктлари, курслар, олий ўқув юртлари қошидаги малака ошириш институтларида, вазирликлар ва идоралар қошидаги малака ошириш курсларида, корхоналар, ташкилотлар ва ўқув юртлари қошидаги малака ошириш курсларида ўқиган, мунтазам мустақил билимини оширган (мустақил ўқиган) ходимлар ҳақидаги маълумотлар ҳисоботга киритилади. Ҳисобот ходимларни ўқитиш ҳақидаги хужжатларга (кадрлар бўлимининг ёки кадрлар тайёрлаш бўлимининг ва ш.к.) асосан тузилади. Ўқишни тугатган ходимлар сонини ҳисоблаш учун қуйидаги хужжатлардан фойдаланилади: - тайёрлов, қайта тайёрлов ва иккинчи (турдош) касбларга ўргатиш ҳамда ишлаб чиқариш иқтисодий курслар ва аниқ мақсадли курсларда маҳорат даражасини белгиловчи имтиҳон баённомаси; - мансабдаги раҳбарлар, мутахассислар ва бошқа хизматчилар лавозимидаги ходимларни тайёргарликдан ўтишда ҳамда малака оширишдаги имтиҳон баённомаси, имтиҳон қайд дафтарлари, шаҳодатнома(гувоҳнома)лар, дипломлар ва бошқа хужжатлар; - меҳнатни илғор усуллар ва йўлларини ўрганиш мактабларида аниқ мақсадли курсларда ишчилар малакасини ошириш ўқув ишлари ҳисоботи қайд дафтари. 420-сатрда янги ихтисос олиш мақсадида қайта тайёрланганлар сони хақидаги маълумотлар кўрсатилади. Бўлимнинг 4-устунида қайта тайёрловдан ва малака оширишдан ўтган бошқа хизматчилар сони кўрсатилади. Ходимларни бошқа хизматчилар тоифасига қўшишда “Ўзстандарт» Агентлиги томонидан 9.08.2000й.да, 12-284-сон билан тасдиқланган Машғулотлар миллий стандарт таснифлагичига (ММСТ) амал қилиш зарур. 410-сатрнинг 5 устунида малакасини, касбий ва иқтисодий билимлари ва кўникмаларни ошириш бўйича ўқитилган ишчилар сони кўрсатилади. 403-сатрда корхона, муассаса ва ташкилот рўйхат таркибида турган тижорат ўқув юртларида ўқиган ходимлар сони ҳақида маълумотлар кўрсатилади. 409-сатрда кадрларнинг касбий ва иқтисодий таълимига қилинган харажатлар суммаси кўрсатилади (ўқиш вақтида уларга тўланган иш ҳақи маблағлари ҳисобга олинмайди). Ишчи кучини сақлаш харажатлари қиймати (5-бўлим). Ушбу бўлимни тўлдиришда юқорида кўрсатилган 6 ва 7 бўлим тушунтиришларига асосланиш лозим. 510-сатр 1-бўлим 01-сатрининг 6-устунига тенг бўлиши керак. Бир ишчига ишчи кучини сақлаш харажатларини ҳисоблаш учун жами ишчи кучига кетган харажатларни ўртача йиллик ходимлар сонига бўлиш керак.
|
|